22.09.2022
СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ЎТКАЗИЛИШИГА САБАБ БЎЛУВЧИ ОМИЛЛАР
СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ЎТКАЗИЛИШИГА САБАБ БЎЛУВЧИ ОМИЛЛАР
Бугунги кунда солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфи ҳар қандай корхонада мавжуд бўлиши мумкин. Шунингдек, кўпчилик солиқ тўловчилар ўзлари билмаган ҳолда солиқ ҳавфининг ошиб кетиши оқибатида солиқ текширувига тушиб қолмокда. Шу нуқтаи назардан, ушбу мавзу амалиётда кўп саволлар туғилишига сабаб бўлмоқда ва айрим саволлар очиқлигича қолиб кетмоқда. Шу сабабли тадбиркорларга қулайлик яратиш ҳамда уларда солиқ хавфи ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида биз ушбу мақолани таёрладик.
Қуйида айрим тадбиркорлик субъектларида солиқ текширувига сабаб бўладиган ва амалиётда кўп учраётган солиқ хавфларини оширувчи омиллар келтирилган. Ушбу омилларни билиш кутилмаган солиқ текширувларининг олдини олишда фойдали бўлиши мумкин.
Ҳозирги пайтда солиқ текширувлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган “Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом” асосида амалга ошириб келинмоқда.
Қуйида Ўзбекистонда қандай солиқ текширувлари ўтказилиши ҳамда улар қайси солиқ тўловчиларда ўтказилиши ҳақида қисқача маълумот келтирилган.
Қандай солиқ текширувлари мавжуд?
Солиқ кодексига ва юқорида таъкидлаб ўтилган низомга мувофиқ тадбиркорлик субъектларида ўтказилиши мумкин бўлган солиқ текширувларининг қуйидаги турлари мавжуд:
- камерал солиқ текшируви;
- сайёр солиқ текшируви;
- солиқ аудити.
Камерал солиқ текшируви
Камерал солиқ текшируви нима?
Камерал солиқ текшируви — бу солиқ тўловчилар томонидан солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисобланишини, ўз вақтида ва тўлиқ бюджет тизимига тўланиши юзасидан солиқ органи томонидан ўтказиладиган текширув. Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва солиқ органида мавжуд бўлган солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида ўтказилади.
Камерал солиқ текширувига сабаб бўлувчи омиллар:
- Солиқ органларининг солиқ хавфини бошқариш тизими асосида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонунчилик бузилиши содир этилганлиги хавфининг мавжуд бўлиши:
Ушбу ҳавф солиқ органларининг солиқ хавфини бошқариш тизими махсус дастурий тизим орқали солиқ тўловчилар тўғрисидаги ички ва ташқи манбалардан олинган маълумотларни белгиланган мезонлар асосида таҳлил қилиш орқали аниқлаб борилади. Қуйида солиқ органлари томонидан солиқ ҳавфини аниқлаш мезонлари рўйхатига киритилган айрим мисоллар келтириб ўтилган:
- солиқ туловчи шахсий карточкаларида солиқ қарздорлигининг доимий юзага келиши;
- солиқ ҳисоботларининг белгиланган муддатлардан кечиктириб тақдим этилиши;
- солиқ тўловчилар объектларида хронометраж кўздан кечириш ўтказилгандан кейинги даврларда товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушумларнинг камайиб кетиши;
- ҳисобварақ-фактуралар орқали кирим қилинган товарлар ҳажмига нисбатан ўртача ойлик тушумларнинг фарқ қилиши;
- хўжалик юритувчи субъектларнинг топширилган нақд (пластик) пул маблағларига нисбатан ҳисоботдаги кўрсатган товар айланмасининг камайтириб кўрсатилиши;
- хўжалик юритувчи субъектларда бухгалтерия ҳисобини юритиш учун ҳисобчи (бухгалтер)нинг расмий тартибда рўйхатга олинмаслиги.
Юқоридаги келтириб ўтилган омиллардан ҳамда мавжуд бўлиши мумкин бўлган бошқа турдаги омиллар асосида солиқ органининг автоматлаштирилган дастурий маҳсулоти автоматик равишда белгиланган балл тизими асосида солиқ тўловчиларга солиқ ҳуқуқбузарлигининг хавфлилик даражаси белгиланади.
Ушбу тизимга асосан солиқ тўловчилар солиқ ҳуқуқбузарлигининг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб қуйидаги учта гуруҳга бўлинади:
а) солиқ хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари (қизил йўлак);
б) солиқ хавфи ўрта бўлган тадбиркорлик субъектлари (сариқ йўлак);
в) солиқ хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектлари (яшил йўлак).
Тадбиркорлик субъектларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача (сариқ йўлак) бўлиши солиқ кодексида белгиланган тартибда камерал текшируви ўтказилишига сабаб бўлади.
- Солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ёки хатоларнинг аниқланиши:
Бугунги кунда солиқ органлари томонидан солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларда тафовутлар ёки хатолар аниқлаш бўйича автоматлаштирилган тизим жорий этилган. Унга кўра ҳар бир солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ҳисоботлар белгилаб қўйилган алгоритм асосида ушбу автоматлаштирилган камерал текшируви дастури орқали таҳлил қилинади. Бундан ташқари, солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботлари солиқ ораганлари ҳодимлари томонидан ҳам таҳлил қилиб борилади.
Мисол учун, солиқ тўловчи томонидан 2021 йил учун тақдим этилган “Молиявий натижалар тўғрисидаги” ҳисоботда кўрсатилган даромадлар ёки ҳаражатлар суммаларининг ушбу муддат учун тақдим этилган “Фойда солиғи” ҳисоботидаги тегишли даромадлар ва ҳаражатлар суммаларига мувофиқ келмаслиги. Бундай ҳолат солиқ органларининг автоматлаштирилган камерал текшируви дастури орқали аниқланади ва корхона солиқ ҳисоботида тафовутлар мавжудлиги ҳавфи юқори бўлган солиқ тўловчилар рўйхатига киритилади. Бу эса ўз навбатида камерал солиқ текшируви ўтказилишига сабаб бўлади.
- Солиқ тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари ҳақида жисмоний ва юридик шахслардан ҳамда тегишли давлат органларидан солиқ органларига мурожаатларнинг келиб тушиши:
Юридик ёки жисмоний шахслардан ёки давлат органларидан солиқ тўловчи томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумотларнинг солиқ органларига келиб тушиши солиқ ҳуқуқбузарлик мазмунидан келиб чиққан ҳолда сайёр солиқ текшируви тайинланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Сайёр солиқ текшируви тайинланишига қуйида келтирилган дастурлардан юборилган шикоятлар асос бўлади:
- «Soliq» мобиль иловасининг «Солиқ ҳамкор» бўлими орқали юборилган мурожаатлар;
- @soliq_hamkor_bot телеграм-боти орқали юборилган мурожаатлар;
- my.soliq.uz солиқ органларининг давлат электрон хизматлари портали орқали юборилган мурожаатлар.
Шу йўл билан хуфиёна иқтисодиётни жиловлашга қаратилган солиқ маъмурчилигининг замонавий инструментлари қаторида, чек бермаслик, пластик карталарга савдо қилишдан бош тортиш, пластик карталарга товарларни нархини ошириб сотиш ва бошқа қонунбузилишлари устидан кенг жамоатчилик назорати институти ишга туширилиб, фуқаролардан мурожаатларни қабул қилиш учун “Soliq” мобил иловаси амалиётга киритилди.
Мисол учун, жисмоний шахс солиқ ҳуқуқбузарлигини содир этган солиқ тўловчи устидан Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган «Солиқ ҳамкор» дастури орқали шикоят жўнатди. Бу эса солиқ органи томонидан ҳуқуқбузарликни амалга оширган солиқ тўловчи устидан сайёр текшируви тайинланишига асос бўлади.
Жорий йилнинг 1 июндан бошлаб “Soliq” мобил иловаси орқали мулкчилик шаклидан қатъий назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилади. Унга нисбатан таъсирчан молиявий жазо чоралари кўрилмайди..
- Солиқ тўловчи томонидан аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботига нисбатан тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини камайтирадиган ёки кўрилган зарар суммасини кўпайтирадиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботининг тақдим этилиши:
Бу ҳолатлар ҳам камерал солиқ текшируви ўтказилишига сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири бўлиб ҳисобланади. Мисол учун, солиқ тўловчи белгиланган муддат учун ўзининг бирламчи солиқ хисоботини тақдим этди. Лекин солиқ тўловчи ушбу бирламчи ҳисобот бўйича тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси камайтириб кўрсатилган қайта солиқ хисоботини тақдим этди. Бундай ҳолат солиқ тўловчининг камерал солиқ текшируви назоратига тушиб қолиш ҳавфини оширади. Агар ҳолат юзасидан солиқ хавфи юқори даражада бўлса, солиқ органи томонидан камерал солиқ текшируви тайинланади.
Сайёр солиқ текшируви
Сайёр солиқ текшируви нима?
Сайёр солиқ текшируви — бу солиқ тўловчилар томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларнинг ҳамда солиқ қонунчилигида белгиланган бошқа мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан ўтказиладиган текширув. Ушбу солиқ текшируви ҳисобга олиш ҳужжатлари, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракати, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотларни таҳлил қилиш орқали ўтказилади.
Сайёр солиқ текшируви ўтказилишига сабаб бўлувчи омиллар:
- Солиқ органларининг солиқ хавфини бошқариш тизими орқали аниқланган солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузиш хавфи мавжудлиги:
Солиқ органларининг солиқ хавфини бошқариш тизими орқали аниқланган солиқ тўловчи томонидан солиқ қонунчилигининг бузилиш эҳтимоллиги юқори бўлган ҳолатда ва қонунчилик бузилиш ҳолати мавжудлигини камерал солиқ текшируви ўтказиш орқали аниқлашнинг имкони мавжуд бўлмаган тақдирда сайёр солиқ текшируви тайинланиши мумкин.
Мисол учун, солиқ тўловчи томонидан IV чоракда катта миқдордаги ҚҚС суммасини ҳисобга олиш (камайтириш) бўйича ҳисоб-китоб тақдим этди. Бу сумма III чорак ҳисоботида кўрсатилган суммага нисбатан фарқи жуда юқори. Бундай ҳолатда солиқ орагин ҳодимида топширилган ҳисобот юзасидан шубҳа туғилади ва солиқ тўловчига бундай катта миқдордаги ҚҚС суммасини камайтириш юзасидан тушунтириш ва асословчи ҳужжатларни тақдим этиш бўйича солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тегишли талабнома юборилади. Аммо солиқ тўловчи томонидан ушбу ҳолат бўйича етарли тушунтириш берилмаганда ва етарли асосли ҳужжатлар тақдим этилмаса, солиқ органи томонидан вазиятни тўлиқ ўрганиш ва бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини камайтириш учун асос бўлган тегишли товар-моддий бойликлари ҳақиқатда сотиб олинганлиги ва солиқ тўловчига тегишли бўлган ҳудудда мавжудлиги текшириш мақсадида сайёр солиқ текшируви тайинлаши мумкин. Ушбу текширув фақат талабномада белгиланган масала юзасидан ўтказилади ва белгиланган масалага тегишли бўлмаган бошқа ҳужжатларнинг талаб қилиниши таъқиқланади.
- Оммавий ахборот воситаларида солиқ тўловчилар томонидан йўл қўйилган солиққа ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларнинг эълон қилиниши:
Бу ҳолат ҳам солиқ тўловчилар юзасидан сайёр лсолиқ текшируви тайинланишига асос бўлувчи омиллардан бири ҳисобланади. Бунда расмий рўйхатдан ўтказилган ва рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига эга бўлган оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинган солиққа ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларгина сайёр солиқ текширувни ўтказиш учун асос ҳисобланади. Лекин шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, интернет орқали норасмий сайтлар ва ижтимоий тармокларда берилган маълумотлар (солиқ органларига тегишли бўлган ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифа ёки гуруҳларда жойлаштирилган маълумотлар бундан мустасно) солиққа оид ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқариш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.
Масалан, маълум бир корхона устидан норасмий ижтимоий тармоқ орқали жойлаштирилган маълумот оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинган маълумот сифатида баҳоланмайди.
- Ўтказилаётган камерал солиқ текширувини холисона амалга ошириш мақсадида қўшимча маълумотлар олиш заруриятнинг юзага келиши:
Бундай ҳолатда ҳам камерал солиқ текшируви натижасига таъсир қилувчи қўшимча маълумотларга эҳтиёж сезилганда солиқ органи томонидан сайёр солиқ текшируви тайинланиш эҳтимоли мавжуд. Мисол учун, солиқ тўловчи фаолияти юзасидан ўтказилаётган камерал солиқ текшируви жараёнида солиққа оид ҳуқубузарликлар содир этилганлиги ҳолатини аниқлаш ёки текширув натижаси бўйича якуний хулоса қилиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни олиш мақсадида солиқ тўловчи жойлашган ҳудудда ўрганиш ўтказиш мақсадида солиқ органи ходимлари томонидан сайёр солиқ текшируви ўтказишга ҳақли.
- Валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш жараёнида солиқ органи юборган сўровномага солиқ тўловчи томонидан ҳужжатлар ёки ахборот тақдим этилмаганлиги ёхуд тўлиқ тақдим этилмаслиги:
Ушбу ҳолат ҳам солиқ тўловчиларда сайёр солиқ текшируви тайинланишига асос бўлувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Мисол учун, солиқ тўловчи фаолиятидаги валюта операциялари билан боғлиқ барча операцияларни ўрганиш мақасадида солиқ органи тижорат банклари, божхона органлари тақдим этган маълумотлар асосида мониторинг (“Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғриси”даги низом.) ўтқазади. Ушбу ҳолатда солиқ органи ходими солиқ тўловчида валюта операцияларини ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар мавжудлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган тақдирда ёхуд шундай ҳолат аниқланган тақдирда, солиқ органи ходими валюта операциялари билан боғлиқ барча ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисида сўров хати юборишга ҳақли ҳисобланади. Шундай ҳолатда солиқ тўловчи томонидан ҳужжатлар ёки ахборот тақдим этилмаслиги ёхуд тўлиқ тақдим этилмаслиги сайёр солиқ текшируви тайинланишига асос бўлиши мумкин.
- Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан солиқ ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи ахборот келиб тушиши:
Солиқ органига ушбу кўрсатилган ташкилотлар томонидан солиқ тўловчи томонидан амалга оширилган солиқ ва валюта оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи маълумотларнинг келиб тушиши сайёр солиқ текширувини ўтказишга асос бўлиши мумкин.
- Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказиш жараёнида қўшимча солиқ назорати тадбирларини ўтказиш зарурлиги:
Бу омил бўйича мисол сифатида солиқ тўловчининнг ҚҚС тўловчиси сифатида рўйҳатдан ўтиш жараёнида солиқ органлари ҳодимлари томонидан солиқ тўловчининг рўйҳатдан ўтган ҳудидига бориб ўрганиш ҳолатини келтириш мумкин.
- Солиқ тўловчи томонидан ҚҚС манфий суммаси қопланиши (қайтарилиши) юзасидан аризалар берилиши:
Ушбу ҳолат ҳам солиқ тўловчиларда сайёр солиқ текшируви тайинланишига асос бўлиши мумкин. Солиқ органлари томонидан ушбу текширув солиқ тўловчи томонидан қопланиши лозим бўлган ҚҚС манфий суммаси тўғри ҳисобланганлигини тасдиқлаш мақсадида, камайтиришга ҳисобга олинган ҚҚС суммаси вужудга келишига сабаб бўлган ҳарид қилинган товар ва моддий бойликлар солиқ тўловчи жойлашган ҳудудда ҳақиқатда мавжудлиги ва ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилганлигини текшириш мақсадидида ўтказилади.
Солиқ аудити
Солиқ аудити нима?
Солиқ аудити — бу муайян давр учун солиқ тўловчилар томонидан солиқларнинг тўғри ҳисобланлиги ва тўланганлиги юзасидан солиқ органлари томонидан ўтказиладиган текшириш. Солиқ аудити солиқ тўловчининг молия ва солиқ ҳисоботларининг солиқ тўғрисидаги қонунчиликка барча жиҳатлардан мувофиқлиги ва ҳаққонийлигини, солиқ солиш мақсадларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобга олишда солиқ мажбуриятларининг тўғри шакллантирилиши ва акс эттирилишини ўрганиш орқали ўтказилади.
Солиқ аудити ўтказилишига сабаб бўлувчи омиллар:
- Солиқ тўловчининг солиқ таваккалчилигининг юқори тоифасига мансуб бўлишлиги:
Солиқ органларининг автоматлаштирилган “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” дастури солиқ хавфи мезонлари асосида солиқ тўловчининг солиқ ҳавфи даражасининг юқори тоифаси киритилиши ушбу солиқ тўловчида солиқ аудити тайинланишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Солиқ хавфи юқори (қизил йўлак) бўлган тадбиркорлик субъектлари шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органи томонидан хабардор қилинади ҳамда белгиланган тартибда солиқ аудити тайинланади.
- Камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ тўловчи томонидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилмаслиги ҳамда аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этилмаслиги ёки асосномаларнинг етарли эмас деб белгиланиши:
Камерал солиқ текшируви натижасида аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчи томонидан асословчи ҳужжатларни солиқ органларига белгиланган муддатда тақдим этмаслик ёки тавофутлар мавжуд бўлган тақдирда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларини тақдим этмаслик солиқ аудити тайинланишига сабаб бўлувчи аоссий омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.
- Юридик шахсларнинг ихтиёрий тугатилиши (солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг солиқлар бўйича хулосалари мавжуд бўлган солиқ тўловчилар бундан мустасно);
Юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда (корхонани ёпиш) тугатилиши тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органларга ариза берилиши солиқ аудити тайинланишига сабаб бўлади.
Бироқ бугунги кунда амалиётда солиқ аудити ўтказилмасдан юридик шахсларни тугатиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2021- йил 2 ноябрдаги 664-сонли қарори асосида солиқ тўловчилар йиллик айланмаси охирги уч йил мобайнида 1 млрд. сўмгача бўлган солиқ тўловчилар (таваккалчилик даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар бундан мустасно) солиқларга доир хулоса бериш ҳуқуқига эга бўлган “Солиқ маслаҳатчилари” ташкилотларининг хулосалари асосида тугатилиши мумкин.
- Солиқ тўловчиларнинг жиноий ишлар бўйича молия-хўжалик фаолиятининг тафтиш қилиниши жараёнинг бошланиши:
Солиқ тўловчилар фаолияти юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноий ишлар бўйича молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш бўйича текширувнинг бошланиши натижасида ушбу органлар томонидан солиқ органларига солиқ аудити ташкил қилиш тўғрисида сўров келиб тушиши солиқ аудити тайинланишига асос бўлади.
Юқорида келтириб ўтилган солиқ ҳавфини оширувчи омиллардан ташқари бошқа солиқ ҳавфи даражаси мезонлари ҳам амалиётга киритилган. Солиқ хавфи даражаси солиқ хавфи мезонлари асосида аниқланади, уларга 1 дан 100 гача бўлган баллар берилади. Бунда ҳар бир мезон бўйича балл бериш Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчиларнинг иқтисодий фаолият тури бўйича сегментланиши ва солиқ даври учун олинган даромад миқдорига қараб белгиланади. Солиқ хавфи даражасига қараб солиқ тўловчилар махсус дастур орқали солиқ хавфи даражасини аниқлаш мезонлари учун белгиланган баллар ва потенциал солиқ хавфи асосида баҳоланади ҳамда тоифаларга ажратилади.
Кўпгина солиқ ҳавфи даражаси мезонлари махфий ахборот сифатида тан олинган, аммо қуйида келтирилган мезонлар очиқ маълумот сифатида маълум қилинган:
- солиқ юки;
- илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботларига бир неча бор (бир ҳисобот даври учун уч ва ундан ортиқ марта) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши;
- солиқ ҳисоботида бир неча солиқ давридаги (икки ва ундан ортиқ) зарарлар акс эттирилиши;
- солиқ даври давомида солиқ тўловчининг жойлашган жойи бир неча бор (икки ва ундан ортиқ марта) ўзгартирилиши ва кейинчалик қайта рўйхатдан ўтказилиши;
- қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳномаси бекор қилинган (рўйхатдан чиқарилиб ташланган), шунингдек, тугатилган, фаолиятини амалга оширмаётган, банкрот деб топилган шахслар билан амалга оширилган битимлар (операциялар);
- соф фойданинг харажатларга нисбати сифатида аниқланадиган рентабеллик кўрсаткичи паст даражада бўлиши;
- солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботидаги операциялар тўғрисидаги маълумотларнинг, ушбу операциялар бўйича бошқа солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботидаги маълумотларга мос келмаслиги;
- солиқ кодексига асосан махсус солиқ режимларини қўллаш ҳуқуқини берадиган оборотларини бир неча йил давомида бир миллиард сўмдан паст миқдорда солиқ ҳисоботларини тақдим этиши;
- ўтказилган солиқ текширувлари натижалари;
- қурилиш соҳасида фаолият юритадиган солиқ тўловчилар учун белгиланган мезонлар: қурилиш ишларини амалга ошириш учун лозим даражада ходимлар, омбор, транспорт ва ускуналар билан таъминланмаганлиги, ишларни бажариш учун солиқ ҳисоботларида зарур харажатларнинг акс этмаслиги, битта объектда қурилиш ишларини олиб борувчи шахсларнинг ўзаро боғлиқлиги, қурилиш ишларини амалга оширувчи янги ташкил этилган солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига йирик миқдордаги маблағ келиб тушуши, хом ашё ва материалларни сотиб олиш учун ажратилган маблағларнинг қурилиш ҳажмига нисбатан номутаносиблиги, тугалланган қурилиш объектларининг таннархига яқин нархларда сотилиши, марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектларида харажатларнинг тўлақонли акс эттирилмаганлиги.
Солиқ тўловчининг солиқ хавфи даражаси солиқ хавфини бошқариш тизими асосида олти ойда бир марта аниқланади. Солиқ хавфи даражаси юқори бўлмаган солиқ тўловчилар томонидан ўттиз календарь кундан ортиқ солиқ қарздорлиги тўланмаган тақдирда солиқ хавфи даражаси ҳар чоракда бир марта аниқланиши белгиланган.
Шу ўрнида тавсия сифатида эслатиб ўтамизки, бугунги кунда хеч қандай солиқ тўловчи солиқ хавфларидан ҳоли эмас, лекин бу дегани солиқ хавфи юқори бўлган солиқ тўловчиларга албатта қўшимча солиқ ҳисобланади ёки жарималар қўлланилади дегани эмас, балки солиқ хавфи юзага келган вазият бўйича тушунтиришлар ва асословчи ҳужжатларни тегишли назорат қилаётган солиқ органлари ҳодимларига тақдим этиш билан мавжуд солиқ хафвларини бартараф этиш мумкин. Шу билан биргаликликда солиқ тўловчилар ўз ҳуқуқларини химоя қилиш мақсадида солиқ органининг ноқонуний текширувлари юзасидан (ҳуқуқий асосланмаган ҳолларда) юқори турувчи солиқ органига ёҳуд судга шикоят қилишлари мумкин. Шунинг учун, солиқ тўловчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида солиқ органлари томонидан ташкил этилаётган текширувлар қай даражада солиқ қонунчилиги талабларига жавоб берган ҳолда тайинланганлиги, солиқ текширувлари натижалари қай даражада тўғри расмийлаштирилганлиги ва бошқа ҳолатларга эътибор беришлари лозим.
Бундан ташқари, мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни янада ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чора тадбирларнинг навбатдаги имкониятлари сифатида солиқ сиёсатида қуйидаги ўзгаришларни эслатиб ўтамиз, яъни 2022 йил 22 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, назорат қилувчи органларнинг масъулиятини ошириш ва фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида, Президентнинг 2022 йил 13 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор асосида қуйидаги ўзгаришлар киритилмоқда:
- 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинади. Бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига киритилади.
- Назорат қилувчи органлар “хавфни таҳлил этиш” тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади;
- Назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас;
- Тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга:
-текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда;
-текширув белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда;
-тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида;
-улар текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортганида.
- Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
- 2023 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органларга “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади.
- Адлия вазирлигига Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатаси ва назорат қилувчи органлар билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат назорати функциялари ва текширувларни қисқартириш бўйича таклифларни Стратегик ислоҳотлар агентлигининг кенгашига киритиш бўйича топшириқлар берилди.
Баходир Мангитов
“INTERNATIONAL BUSINESS AUDIT CONSULTING” МЧЖ Аудиторлик ташкилотининг аудитори