15.11.2023

“Солиқчи тадбиркорга кўмакчи”ми ёки

“Солиқчи тадбиркорга кўмакчи”ми ёки
Тадбиркорнинг тузган битимларини солиқ органлари томонидан баҳолаш  ва қўшилган қиймат солиғи базасини қайта ҳисоб китиоб қилиш, ҳамда, қўшимча солиқ ҳисоблаш ва ундириш амалиётининг ҳуқуқий асоси ва тартиби мавжудми? Солиқ органлари тадбиркор сотган товар, бажарган иш ёки кўрсатган хизматларни “бозор қиймати”ни аниқлашда қандай ваколатларга эга? Шу каби саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилдик.


Бобуржон Тураббаев, “IBAC” МЧЖ АТ Солиқ маслаҳатчиси

Таъкидлаб ўтиш керакки, тадбиркорларимиз томонидан аввал реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар бўйича “бозор нарҳидан паст қийматда сотилган”лиги важи асосида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) базасини қайта ҳисоблаш натижасида қўшимча солиқ ҳисоблаш ва ундириш масалаларида кўплаб дуч келмоқда.
Солиқ органларининг қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш базасига тузатиш киритиш ҳуқуқи Солиқ кодекси 34 боб 247-257-моддаларида белгиланган. Ушбу моддаларни бирма бир кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, ушбу ҳолатда Солиқ кодекси нормаларини иккиёқлама тушуниш ва қўллаш бўлаётганини кўрсатади.
Солиқ кодексининг 248-моддаси:
(биринчи қисм) Агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ базаси ушбу Кодекснинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, акциз солиғини  ҳисобга олиб, унга солиқни киритмаган ҳолда, битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг қиймати сифатида аниқланади.
(иккинчи қисм) Харидорларга реализация қилиш бўйича айланмани амалга ошириш санасида чегирмалар (бошқа тижорат бонуслари) берган солиқ тўловчи солиқ базасини бундай чегирмалар (тижорат бонуслари) чегириб ташланган ҳолдаги нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда аниқлайди.
(учинчи қисм) Солиқ базаси қуйидаги ҳолларда товарларнинг (хизматларнинг) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ аниқланадиган бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади:
1) товарларни бошқа товарларга айирбошлаб реализация қилишда;
2) товарларни  бепул беришда;
3) юридик шахснинг мол-мулкидан шахсий мақсадларда фойдаланишда.
(тўртинчи қисм) Агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли.
(бешинчи қисм) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган (импорт қилинган) товарларни реализатсия қилиш чоғида солиқ базаси ушбу товарларни олиб кириш (импорт қилиш) чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган солиқ ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.
Солиқ кодексининг 248-моддаси учинчи хатбоши товарларни (хизматларни) реализация қилишда солиқ базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартиби белгиланган. Аниқлаш тартиби эса Хукумат қарори билан тасдиқланиши белгиланмоқда.
Аҳамият бериладиган бўлса, Солик кодекси 248 моддасида, Солиқ органига қўшилган қиймат солиғи базасига тузатиш киритиш ҳуқуқидан фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатлар қатьий белгиланган. Шунингдек, ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш тартибини Хукумат қарори билан белгиланиши кўрсатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 489-сонли 2020 йил 14 августдаги қарори билан “Қўшилган қиймат солиғи базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Низомнинг 1-банди мазкур Низом қўшилган қиймат солиғи баъзасини товарларнинг бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартибини белгилаши ва  фақатгина қуйдаги уч ҳолатга нисбатангина тадбиқ этилиши аниқ белгиланган:
-товарларни бошқа товарларга айирбошлаб реализация қилишда;
-юридик шахснинг мол-мулкидан шахсий мақсадларда фойдаланишда;
-товарларни  бепул беришда.
Яьни, Хукумат қарорида Солиқ органлари томонидан қўшилган қиймат солиғи базасини қайта ҳисоблаш учун асос бўлувчи ҳолатлар Солиқ кодекси 248 моддаси учинчи қисмида кўрсатилган ҳолатларни такрорлайди.
Ушбу низомнинг 5-банди эса солиқ базаси Солиқ кодексининг 248-моддаси биринчи қисмида белгиланган тартибда аниқланади. Бунинг акси исботланмагунга қадар мазкур қиймат бозор нархларига мувофиқ келади деб қабул қилинади, деб қаттий  белгиланган.
Кўрсатилганлардан хулоса қилиш мумкинки, солиқ кодексида ҚҚС суммаси қайта ҳисоблаш фақатгина 3 та ҳолат белгиланган ва ушбу рўйҳат қатьий белгиланган ҳисобланади. Ушбу рўйҳатни кенгайтирилган тарзда талқин қилиш юқорида кўрсатилган Солиқ кодекси ва Хукумат қарори нормаларига зид  ҳисобланади.
Амалиётда, Солиқ органлари тадбиркорларга битимлар қийматини бозор қийматини қайта ҳисоблаш учун асос сифатида Солиқ кодекси 248-моддаси тўртинчи хатбоши нормаларига қўлланилади.
Солиқ кодекси 248 моддаси тўртинчи хатбоши:
Агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли.
Аммо,солиқ органлари ушбу хатбоши Солиқ кодекси 248-моддаси биринчи, иккинчи ва учинчи хатбошиларининг узвий давоми ҳисобланиши ҳамда белгиланган қатьий рўйҳатдан четга чиқишга ҳақли эмаслигини эътибордан четда қолдиришади. Янада аниқрок айтадиган бўлсак, Солиқ кодекси 248-моддаси учинчи хатбошида белгиланган ҳолатларда битимнинг нархи товарларнинг бозор қийматидан фарқ қиладиган қийматини қўллангани далили аниқланган тақдирдагина Солиқ кодексининг 248-моддаси тўртинчи қисми кўланилади.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки,
Давлат солиқ қўмитаси 2022 йилда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (https://project.gov.uz/) орқали жамоатчилик муҳокамасига киритилган “Солиқ базасини аниқлашда товарларнинг (хизматларнинг) нархини бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилаш чоралари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори лойиҳасида (VQL-347/21)  бозор коньюктурасидан келиб чиқиб “Солиқ нархи” механизмини жорий қилиш ва унинг асосида солиқ солинадиган базани аниқлашнинг мъмурий тартибини жорий этиш тартиби кўзда тутилган, аммо, жамоатчиликнинг қаттиқ эъьтирозлари ҳамда Адлия вазирлиги, Бизнес омбудсман эътирозлари сабабли ушбу қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан олинган ҳамда қабул қилинмаган.
Бу ҳолат ҳам, қўшилган қиймат солиғи базасини қайта ҳисоблаш ва қўшимча солиқ ҳисоблаш ва ундириш ҳолатларида Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-сонли қарори билан тасдиқланган “Қўшилган қиймат солиғи базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосий норматив ҳуқуқий асос эканлигини ҳамда тадбиркорларнинг қўшилган қиймат солиғи базасига тузатиш киритишга асос бўлувчи ҳолатларнинг қатьий белгиланган рўйҳати тасдиқланганлиги, ушбу рўйҳатда кўрсатилган бошқа вазиятларда қўшилган қиймат солиғи базасига солиқ органлари томонидан тузатиш киритиш ҳуқуқи тадбиқ этилмаслигини тасдиқлайди.


Азизбек Қурбонов, адвокат “Das and Law” адвокатлик фирмаси
Солиқ кодекси 178-моддасида битимларнинг нархлари, ушбу битимлар тарафларининг даромадлари ва харажатлари мустақил шахслар ўртасидаги битимлар бозор нархлари деб эътироф этилиши белгиланган.
Амалиётда эса, солиқ органлари хатто интернет сайтларида сотув тўғрисида хусусий эълонларда кўрсатилган нарҳларни (масалан olx.uz сайти) битимларида кўрсатилган нарҳларни қайта ҳисобламоқда.
Бу қанчалик асосли? Саволга жавоб йўқ.
Иккинчидан, Солиқ кодекси “бозор нарҳи” тушунчаси
Шунингдек, Солиқ кодекси 45-моддасида товарлар, ишлар ва хизматларни бир ҳил хусусиятли асосий белгиларга эга ёки эга эмаслигини аниқлаш тартиби ва шартлари инобатга олиниши, жумладан:
уларнинг физик хусусиятлари;
сифати;
мўлжалланган вазифаси;
келиб чиққан мамлакати;
ишлаб чиқарувчиси;
унинг бозордаги ишбилармонлик обрўси;
фойдаланиладиган товар белгиси;
хизматлар бўйича бажарувчи (пудратчи) хусусиятлари, бозордаги ишбилармонлик обрўси ва фойдаланиладиган товар белгиси ҳисобга олинишини белгилайди.
Яьни, битим бўйича товар (хизмат) нарҳини бозор қийматидан кам ёки юқорилигини аниқлаш учун етарли билим ва лицензияга эга баҳоловчи ташкилотларнинг хулосасини олиш талаб этилади.
Солиқ тўловчининг қўшилган қиймат солиғи базасини ҳисоблашда солиқ органлари харакатлари қонунийлиги, уларнинг ваколатлари ҳам савол остида.
Биринчидан, солиқ кодекси 26-моддаси (солиқ органларининг ҳуқуқлари), Ўзбекистон Республикасининг “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонуни 5-моддасида (Давлат солиқ хизмат органларининг ҳуқуқлари) солиқ органларининг хар қандай турдаги “баҳолаш фаолияти” билан шуғулланиш ҳуқуқи белгиланмаган;
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида” қонуни 4-1 моддасида “Агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг баҳоловчи ташкилотни ташкил этиши, шунингдек баҳолаш фаолиятини амалга ошириши тақиқланади;
Учинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунида 8-моддаси Тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга ҳақли (8-модда).
Мазкур қонуннинг 34 моддаси Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас;
тўртинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 356-моддаси шартномани бажарганлик учун тарафларнинг келишуви билан белгиланган баҳода ҳақ тўланиши, қонунда назарда тутилган ҳолларда тегишли ваколатга эга бўлган давлат органлари белгилайдиган ёки тартибга соладиган баҳолар (тарифлар, расценкалар, ставкалар ва ҳ.к.) қўлланилишини белгилайди.
бешинчидан, Ўзбекистон Республикасининг янги конституциясининг 66-моддаси “Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак”.
Юқорида кўрсатилган қонун нормалари:
Битим предметини баҳосини белгилаш тарафлар ихтиёрида эканлиги ва тадбиркорлар битим тузишда ўзининг манфаатларидан келиб чиқиб белгилайди;
Ваколатли орган (бу ерда, монопол ташкилотларнинг давлат томонидан тартибга солинадиган товарлар, ишлар ва хизматларининг нарҳлари ҳақида гап кетмоқда) тасдиқлаган нарҳ қўлланиши мумкин, агар сотувчи тартибга солинадиган нарҳларни қўлланилувчи субъект бўлса;
Солиқ органлари ҳодимларининг битим предмети бўлган товар, иш ва хизматларнинг “бозор баҳоси”ни аниқлаш учун қонуний ҳуқуқи Солиқ кодексида ҳамда “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган;
Солиқ кодексида белгиланган солиқ органларининг солиқ текширувлари (камерал, сайёр) даврида солиқ тўловчи фаолиятини текшириш ҳуқуқи эмас, битимларни баҳолаш ҳуқуқини кўзда тутмайди. Балки, солиқ органлари томонидан шартнома асосида эксперт сифатида тегишли лицензияга эга баҳоловчи хизматини кўрсатувчи ташкилотларни жалб қилиш ҳамда уларнинг ҳулосаларини олишни белгилайди.
Бундан ташқари,  солиқ органи томонидан қўшиилган қиймат солиғи қайта хисоб китоб қилиб, қўшимча солиқ ундирганда, ушбу солиқ суммаси бўйича аввал тузилган битимларга ўзгартириш киритиш, берилган хисобварақ фактураларга тузатиш киритишга (яьни, контрагент қўшимча хисобланган ҚҚС суммасини солиқ тўловчига тўлаб бериб, хисобга олиш) ҳуқуқ бермайди. Яьни, ҳуқуқий асос мавжуд эмас.
Балки, қўшимча хисобланган ҚҚС суммаси тўғридан тўғри солиқ тўловчининг зарари ҳисобланади, бу эса солиқ тўловчининг фаолиятига давлат органлари томонидан ноқонуний аралашиш ва зарар етказишдан бошқа нарса эмас.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Солиқ органлари “Баҳоловчи” сифатида “сотилган товарлар ёки хизматлар” нарҳини аниқлашга ҳеч қандай ҳуқуқий ваколатга эга эмас хамда солиқ органларининг текширув далолатномалари шаклида расмийлаштирилган “баҳолаш хисоботлари” юридик хужжат хисобланиши мумкин эмас.
Солиқ кодекси 13-моддасида “солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади” нормаси айнан бу ҳолатда қўлланиши лозим бўлсада, солиқ органлари ушбу ҳолатни назардан четда қолдирмоқда ва судлар ҳам ушбу турдаги низоларни кўришда ушбу қонуний кафолатни қўлланмайди.
Мазкур ҳолат бўйича кўплаб суд низолари мавжудлиги, суд қарорларида эса қонун нормаларини қўллашда қарама-қаршилик вужудга келаётганлигини инобатга олиб, Солиқ кодекси 248 моддаси тўртинчи хатбошига шарҳ бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси конституцион судига мурожаат қилиш лозим.


Баходир Мангитов, “IBAC” МЧЖ АТ Раҳбари

Солиқ кодексининг 248-моддаси 4-қисмида белгилаб ўтилган тартибда, солиқ базасига товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда тузатиш киритиш натижасида олинадиган айрим даромад солиқларини ҳисоблашда фақатгина солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинади. Яъни солиқ солиш мақсадида хисобга олинган даромаддар бухгалтерия ҳисобида тан олинмайди.
Ундан ташқари ҚҚС солиқ базасини аниқлаш тартибида маълумки, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ базаси ушбу Кодекснинг 176-моддаси талабларини ҳисобга олган ҳолда, акциз солиғини (акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ҳисобга олиб, унга солиқни киритмаган ҳолда, битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг (хизматларнинг) қиймати сифатида аниқланади. (СКнинг 248-м., 1-қ.). Оддий тушунтирганда ҚҚС базаси шартномадаги нархдан келиб чиқиб аниқланади.
Шу жойида солиқ тўловчиларда солиқ аудити ўтказилиши жараёнида ноаниқ вазият вужудга келади, масалан текширув давомида қуйидаги ҳолат аниқланди, ҚҚС нинг қўшимча ҳисоблаб ёзилиши ва таннархдан паст реализация қилганда зарар, солиқ кодексининг 317-моддаси 12-бандига асосан солиқ текширувлари натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар ва йиғимлар, фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди, ушбу вазиятда солиқ тўловчиларда тушунарсиз ҳолат юзага келиб қолмоқда, сабаби солиқ тўловчиларнинг кўпчилигида айни пайтда бозор қиймати бўйича солиқ ҳисоблаш вазияти тушунарсиз, чунки бозор қиймати ўзгарувчан ва жуда кўплаб товарларнинг номи, тури, номенклатураси, ассортименти ва бошқа хусусиятлари бўйича аниқлаштирган ҳолда уларнинг нархларини реал вақт режимида аниқлаш имконини берадиган маълумотлар базаси мавжуд эмас. Бундай вазиятларда эса солиқ солиш бўйича турли ҳил қарама-қарши фикрларни келтириб чиқариши мумкин.
Юқоридагиларга кўра бу каби амалиётлар корхонанинг молиявий кўрсаткичларига бевосита таъсир қилади, яъни тўғридан тўғри тадбиркорни оладиган дивидендини камайишига олиб келади ва бу тадбиркорда норозилик кайфиятини шаклланишига сабаб бўлади.