11.11.2024
Аудиторлик натижалари ва бухгалтерия ўртасидаги ихтилофлар: Солиқ аудити нуқтаи назаридан
Аудиторлар эса, ташқи кўз билан қараб, ҳисоб-китоблардаги ҳар қандай хато ёки камчиликни аниқлашга ҳаракат қиладилар. Улар иш жараёнига ташқи таҳлилчи сифатида ёндашгани учун, хатоларни топиш ва уларни тузатиш имконини кўрадилар.Иккала қараш бир-бирига турли нуқтаи назардан ёндашса-да, мақсад бир — молиявий аниқлик ва ишончли ҳисоботларни таъминлаш. Бунинг учун бухгалтер ва аудитор ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат муҳимдир.
Масаланинг амалий томонига эътибор қаратсак
Аудит текшируви жараёнида кўп ҳолларда бухгалтерия ходимлари ва аудиторлар ўртасида келиб чиқадиган баҳслар кузатилади. Бу ихтилофлар одатда аудиторлар томонидан аниқланган камчиликларга бухгалтерия томонидан шубҳа билан қаралиши сабабли юзага келади. Бироқ, кун келиб амалиётда солиқ органлари томонидан ўтказилган солиқ аудитида айнан шу камчиликлар ёки хато деб ҳисобланган масалалар асосида қўшимча солиқлар ҳисобланмоқда. Натижада бу масалалар бухгалтерия учун катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Масалан, солиқларнинг ортиқча суммаси ҳисобланиши, жарима ва пенялар тўланишига сабаб бўлади.
Бу ҳодисалар шуни кўрсатиб турибдики, бухгалтерия аудит натижаларини батафсил ўрганиб чиқиши, тушунмовчиликлар бўлса уларни аудиторлар билан биргаликда ҳал қилиши жуда муҳимдир. Чунки, вақтинча инкор қилиш ёки ечимни кечиктириш ортиқча солиқ харажатлари билан тугаши мумкин.
Нима учун бухгалтерлар аудит натижаларини инкор қилишади?
✅Кўпчилик маслаҳати билан қилинган иш мукаммал чиқади: Афсуски баъзи бухгалтерлар ўз ишларига, ҳисоб-китобларига юқори даражада ишонишади ва аудиторлар томонидан топилган камчиликлар уларнинг ишига шубҳа билан қараб, аудит натижаларини инкор қилишади.
✅Талабга жавоб бермайдиган аудитор: Камчиликларни топиш жараёнида аудиторлар томонидан тақдим этилган далиллар сифатсиз ёки тўғри тушунтирилмайди ва етказиб берилмайди, бу эса баҳсларни келтириб чиқаради.
Шунинг учун бухгалтер ва аудиторнинг ёндашувлари бир-бирини тўлдириб туриши лозим. Ҳар икки тарафнинг ёндошувини объектив баҳолаб, уларнинг мақсадлари молиявий ҳисоботнинг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлашдан иборат эканини англаш муҳимдир. Бухгалтер ва аудитор ўртасидаги самарали ҳамкорлик орқали ишончли молиявий натижаларга эришилади.
Қандай қилиб камчиликларни аудит давомида ҳал қилиш мумкин?
✅Аудиторлар билан самарали мулоқот: Ҳар бир камчилик ёки масала аниқ тушунтирилган бўлиши керак, бухгалтерлар эса ҳақиқий ҳолатни тўғри тушунтириб, аудиторлар билан ҳамкорлик қилишлари керак.
✅Хозирги кунда, солиқ органлари томонидан ўтказилаётган солиқ аудитларида хар хил янги йўналишлар кўтариб чиқилмоқда ва булар бўйича қўшимча солиқлар ҳисобланмоқда. Шулардан баъзиларини қонуний тартибга солишда, қонунчиликда ҳал қилинмаган масалалар ҳам бор. Бундай ҳолатларда ҳам солиқ органлари томонидан қўшимча солиқ ҳисобланиши ва жарималар қўлланилиши кузатилмоқда. Шу сабабли, аудиторлар томонидан қонунчиликда солиқ солиш тартиби тўлиқ ҳал қилинмаган ҳолатлар бўйича ҳам рисклар кўрсатиб берилмоқда. Бу ҳам бухгалтерларнинг эътирозларига сабаб бўлиши мумкин.